ДАВЛАТ УРУҒЧИЛИК НАЗОРАТИ

ДАВЛАТ УРУҒЧИЛИК НАЗОРАТИ — давлат томонидан қ. х. экинларининг уруғлик ва нав сифатларини, шунингдек, уруғчилик хўжаликлари, селекция стялари, тайёрлов ташкилотларида юқори сифатли уруғлик етиштириш ишларини назорат қилиш тизими. Давлат уруғчилик назорати идораси экиш учун ишлатиладиган ва савдодаги уруғликнинг экишга яроқлилигини (лаб. шароитида) ва навдорлигини (лаб. шароитида, дала тажриба майдонларида, апробацияни назорат қилиш) текширади. Республикада ғалла, сабзавот, озуқабоп ва мевали экинларнинг элита уруғчилиги б-н навни яратган и. т. ин-тлари, репродукциялар уруғларини етиштириш билан уларнинг таянч шохобчалари, шунингдек, уруғчилик хўжаликлари шуғулланади. Узбекистонда уруғчилик сифатини давлат йўли билан назорат қилиш ишлари тарихи 1922 й. дан бошланади. Шу даврдан Марказий селекция стясида пахта уруғчилиги назорати йўлга қўйилди. 1934 й. да республикада пахта уруғчилиги ст-яси ташкил этилди. 1965 й. да давлат уруғчилик инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлимлари тузилди. Бу инспекция пахта уруғлик фондидан бошқа барча қ. х. экинлари уруғлигини сифатли етиштириш, уруғлик далаларида апробация ўтказиш, уруғлик сифатини аниклаб, экишга яроқли уруғликка сертификат бериш каби назорат ишларини бажарди.

Республика мустақилликка эришганидан сўнг уруғчилик назоратини жаҳон стандартлари даражасида олиб бориш учун уруғчиликда туб ислоҳотлар ўтказилди. 1995 й. окт. да Республика пахта уруғчилиги ст-яси негизида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида қ. х. экинлари уруғлигини сертификатлаш ва сифатини назорат қилиш Давлат маркази — «Ўздавуруғназоратмарказ» ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги марказлари ташкил этилди. «Ўздавуруғназоратмарказ»нинг Тошкент вилояти Қибрай туманида республикада экилаётган барча уруғлик партиялари намуналарининг нав софлиги аниқланадиган 9 га дан иборат дала тажриба майдони бор. Ўзбекистонда уруғчилик ва уруглик сифати устидан давлат назоратини, шунингдек, қимматли навлар генофондини сақлаб қолиш, республиканинг иқлим шароитларига мослашган нав ва дурагайлар яратиш, қ. х. ни серҳосил ва юқори сифатли уругликлар б-н таъминлаш ишлари Ўзбекистон Республикасининг Уруғ«чилик тўғрисида»ги (1996 й. 29 авг.) қонуни билан тартибга солинади.

Шуҳрат Қўзибоев, Ҳусниддин Раҳимов.