ДАВЛАТ СОЦИАЛИЗМИ

ДАВЛАТ СОЦИАЛИЗМИ — 1) социализмга буржуа давлатининг ижтимоийиқтисодий тадбирлари орқали эришиш мумкинлигини тарғиб этувчи реформистик назария.

2) Собиқ социалистик мамлакатларда амалда мавжуд бўлган социализм. Д. с. назарияси 19-а. нинг 2-ярмида Германияда тарқалди. Унинг асосчиси немис иқтисодчиси К. И. РодбертусЯгецов бўлиб, унинг қарашларига кўра, инсоният жамияти коммунизм сари ривожланиб, ўз йўлида давлатнинг ривожланиш босқичлари ва мулкчилик шакллари билан белгиланадиган 3 давр («антик давр», «феодализм ва капитализм», «коммунизм»)ни босиб ўтади. «Антик давр» негизини одамга мулкчилик, «феодализм ва капитализм» даврини ерга ва капиталга мулкчилик, «коммунизм»ни меҳнатга ва иш ҳақига мулкчилик белгилайди. У давлатни жамиятнинг «коммунизм»га эволюцион ўтишини ҳаракатлантирувчи кучи бўлган идеал ташкилот тарзида талқин қилади. Г. Шмоллер, Л. Брентано, А. Вагнер, В. Зомбарт ва б. ҳам Давлат социализми ғояларини тарғиб этганлар. Давлат социализми асосчилари социализм деганда и. ч. воситалари ва иқтисодиётнинг ислоҳотлар йўли билан давлатлаштирилишини тушунар эдилар. Шу сабабдан улар 1873 й. даги иқтисодий танглик даврида Пруссия т. й. компанияларини ҳалокатдан кутқариб қолиш учун унинг давлат ихтиёрига олиниши, бож тарифи ўрнатилиши, тамаки монополияси, спиртли ичимликларга солиқ, баъзи либерал ислоҳотларни социализмнинг амалга оширилиши деб талқин қилган. Давлат социализми назариясига инқилобий социализм назарияси асосчилари К. Маркс ва Ф. Энгельс қарши чиқиб, социализм фақат социалистик инқилоб, ишчилар синфи ҳокимиятининг ўрнатилиши ва и. ч. воситаларининг деярли ҳаммасини социалистик мулкка айлантириш натижасидагина амалга оширилиши мумкин деган ғояни илгари сурганлар. Бироқ Россиядаги Октябрь тўнтариши билан бошланган ва 1917—91 й. ларда ўтказилган социалистик эксперимент Маркс ғоялари асосида яримёрти шаклланган социалистик тузум, ўз моҳияти ва табиатига кўра ҳақиқатдан адолатли демократик жамият бўлмасдан, амалда Давлат социализми сдан иборат эканини кўрсатди. Собиқ Иттифокдаги совет социализми ҳам, ундан нусха олган бошқа мамлакатлардаги социализм ҳам ҳаддан ташқари марказлаштирилган бошқаришга асосланган социализм эди. Мас, Иттифокда и. ч. воситаларининг 90% дан ортиғи давлат мулки эди. Шунинг учун у ҳам ҳақиқий демократик эркин жамият бўла олмади ва пировардида инқирозга учради. Ҳоз. пайтда мавжуд социалистик мамлакатлар (Хитой, Вьетнам)да кенг кўламли демократик ислоҳотлар ўтказилмоқда. Ғарб мамлакатларидаги социалистик ва коммунистик партиялар, ишчилар партиялари (мас, Германия социал-демократик партияси, Буюк Британиядаги лейбористлар партияси ва б.) социалистик мафкуранинг кўпгина тамойилларидан воз кечдилар, и. ч. воситаларининг мутлақ кўпчилигини марказлаштириш ва давлатлаштириш каби ғоялар бугунги кунда уз жозибасини бутунлай йўқотди. Чунки бундай Давлат социализми ҳаёт синовидан ўта олмади, лекин демократик социализм ғоялари ҳали ҳам учраб туради. Капитализм ҳам ўзини тўлақонли демократик ва одил жамият сифатида намойиш эта олмаганлиги сабабли, турли мамлакатлар (Германия, Дания, Швейцария ва б.)да янги цивилизацияга, ижтимоий-инсоний тузумга ўтиш — умумдемократик адолатли жамият қуриш, унинг бошқариладиган, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш ғояси вужудга келди ва уни ҳаётга жорий этиш бўйича самарали ишлар қилинмоқда, демократик ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Инсон манфаатлари устун бўлган, барча кишилар учун муносиб инсоний ҳаёт таъминланадиган эркин жамият қуриш йўлидан борилмоқда (қ. Бозор иқтисодиётига ўтиш).

Эрлис Алиқулов.