ДАВЛАТ РАМЗЛАРИ

ДАВЛАТ РАМЗЛАРИ — муайян бир давлатнинг миллий суверенитетини ифодалайдиган, тарихан таркиб топган алоҳида, энг муҳим белгилари. Улар бевосита халқ, миллат ҳаёти, анъаналари, руҳияти, фольклори, тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Давлат рамзлари мустақил давлатнинг муҳим ташқи белгиларини ўзида мужассамлантиради. Давлат рамзларида халқнинг азалий орзуси, эзгу ниятлари, бугунги ҳаёт мазмуни акс этади. Давлат рамзлари конституция ёки махсус қонун билан белгилаб қўйилади. Давлат байроғи, давлат герби, давлат мадҳияси, давлат ранглари, давлат бошлиғининг штандарти (байроғи), давлат мухри, давлат шиори асосий Давлат рамзлари ҳисобланади. «Ўзбекистон Республикаси» номи, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ўзбек тили, Ўзбекистоннинг ўз байроғи, герби, мадҳияси, пойтахти (Тошкент шахри), Ўзбекистоннинг давлат мукофотлари ва унвонлари, миллий валютаси(сўм), умумхалқ байрамлари мустақил ўзбек давлатининг ёрқин тимсолларидир.