ДАВЛАТ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРИ

ДАВЛАТ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРИ — бюджет камомадини қоплаш мақсадларида ҳукумат ёки маҳаллий ҳокимият идоралари номидан чиқарилган ва албатта хукумат томонидан кафолатланган қимматли қоғозлар. Амал қилиш муддатларига кўра турлари: қисқа муддатли облигациялар — хазина векселлари (бир ҳафтадан 1 й. гача), ўрта муддатли — ноталар (1 йилдан 5 йилгача), узоқ муддатли — бонлар (5 йилдан ортиқ). Яна аҳоли жамғармаларини жалб қилиш мақсадларида чиқариладиган жамғарма бонлар, сертификатлар сингари Давлат қимматли қоғозлари ҳам мавжуд. Давлат қимматли қоғозлари исталган вақтда тўлов учун тақдим қилиниши мумкин, бироқ муддати тўлмаган қимматли қоғозлар учун тулов фоизи паст бўлади.