ДАВЛАТ ОБЛИГАЦИЯЛАРИ

ДАВЛАТ ОБЛИГАЦИЯЛАРИ — давлат томонидан чиқарилган қимматли қоғоз тури: Д. о. ни сотиб олувчилар — аҳоли, фирмалар, банклар ва турли ташкилотлар инвесторлар ҳисобланади. Облигацияларни сотишдан тушган пул давлатнинг даромадини ташкил этади, аммо у давлатнинг қарзига ҳам айланади (қ. Давлат карзи). Давлат облигациялари муайян муддатлар учун чиқарилади. Турли мамлакатларда қисқа муддатли, ўртача муддатли ва узок. муддатли Давлат облигациялари мавжуд. Муддати келгач, облигацияларни давлат кайтадан сотиб олади. Давлат облигациялари даромад келтирувчи қимматли қоғозлар турига киради. Даромад шаклига кўра Д. о. нинг ютуқли облигациялар (облигацияларга тегадиган даромад пул ютуғи шаклида бўлгани сабабли унга фоиз тўланмайди), фоизли облигациялар (облигацияларга уларнинг қийматига нисбатан фоиз ҳисобида пул тўланади) вадисконтли облигациялар (облигациялар сотилганда номиналидан пастроқ нархда сотилади, улар қайтадан сотиб олинганда номинали суммасида пул тўланади) каби турлари бор. Д. о. даромадлари олдиндан қатъий кафолатланади.

Давлат облигациялари даромадли қоғозлар бўлганидан уларни сотиш, гаровга қўйиш ва капитал сифатида ишлатиш мумкин. Ўзбекистонда 1992 й. 1 июлда 20 йил муддат билан ютуқли облигациялар чиқарилди (уларни сотиш ва сотиб олиш вақтинча тўхтатилган). Республикада 1996 й. дан дастлабки қисқа муддатли Давлат облигациялари, 1997 й. март ойидан бошлаб 6 ойлик қисқа муддатли Давлат облигациялари чиқарилди (яна қ. Облигация).

Садир Салимов.