ДАВЛАТ НАСЛЧИЛИК ЗАВОДИ

ДАВЛАТ НАСЛЧИЛИК ЗАВОДИ — қ. х. ҳайвонларининг маълум бир зотини такомиллаштиришга ихтисослашган олий тоифадаги наслчилик хўжалиги; чорвачиликда бирор зот билан узок, вақт давомида селекция иши олиб борадиган асосий хўжалик. Ҳар қайси наслчилик з-дида элита ва I класс талабларига жавоб берадиган соф зотли, сермаҳсул молларнинг подаси бўлиши керак. Наслчилик з-дларида наслчилик ишлари 5—10 йил ва ундан ҳам ортита мўлжаллаб тузиладиган истикбол селекция-наслчилик иши режаси асосида олиб борилади. Давлат наслчилик заводининг асосий вазифаси танланган молнинг зотдорлиги ва маҳсулдорлик сифатларини такомиллаштиришдан, шунингдек, наслчилик хўжаликларига наслдор ёш моллар етиштириб беришдан иборат.

Наслчилик з-дида моллар бир хил танлаш асосида соф зотларни урчитиш усули билан кўпайтирилади, мавжуд зотлар яхшиланади ва янги, қимматли линия ва оилалар яратилади. Қариндош урчитишни ҳар хил даражада қўллаш билан биргаликда, зотни тубдан яхшилаш ва янги зот яратиш мақсадида мураккаб ҳамда қон қуйиш ва чатиштиришнинг бошқа усуллари қўлланилади. Ўзбекистонда 42 та наслчилик з-ди бўлиб, 17 таси қорамолчилик, 18 таси қоракўлчилик, 2 таси қўйчилик, 3 таси йилқичилик, 1 та эчкичилик ва 2 таси чўчқачилик б-н шуғулланади (2002). Наслчилик з-дларида етиштирилган, ўстирилган ёш моллар ўз подаларини ҳамда бошқа наслчилик хўжаликларининг подаларини тўлдириб боради, энг сермаҳсул сигирлардан олинган буқачалар билан наслчилик корхоналарини таъминлайди. ЎзРда наслчиликни ривожлантиришда муҳим ишларни амалга оширган хўжаликлар кўп. Хусусан, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани «Савай» Д. н. з. 1929 й. да ташкил этилган. 1970-й. ларда хўжаликда Австрия, Россиянинг Смоленск вилоятидан келтирилган швиц зотли гунажинларни маҳаллий зебусимон моллари билан чатиштириш натижасида уларнинг янги қўнғир типи чиқарилди. Хўжаликда кўп йиллик тажрибалар натижасида сермаҳсул сигирларнинг 28 оиласи яратилган. Республикада турли вилоятларда жойлашган қорамолчилик Д. н. з. да қора-ола, швиц, қизил чўл, бушуев зотлари урчитилмоқда. Уларда такомиллаштирилаётган 12 минг бошдан ортиқ зотли қорамол бор (2002).

Изатулла Эшматов.