ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ

ДАВЛАТ МУЛКИНИ БОШҚАРИШ — шахслар ва давлат идоралари томонидан қонунчилиқда белгиланган хуқуқ ва ваколатлар доирасида давлат мулки эгаси (эгалик, фойдаланиш, тасарруф этиш) вазифаларини бажариш. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва 1990 й. 31 окт. да қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик туғрисида» қонунига кўра давлат мулкини халқ номидан (маъмурий-ҳудудий тузилма аҳолиси номидан) тегишли халқ депутатлари кенгаши ва улар ваколат берган давлат органлари тасарруф этади ва бошқаради. Mac, ЎзР мулкини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ёки улар ваколат берган давлат органлари тасарруф этади ва бошқаради, маъмурий-ҳудудий тузилмаларда давлат мулки (коммунал мулк)га нисбатан мулкчилик ҳуқуқини маҳаллий ҳокимият идоралари амалга оширади. Республика ёки маҳаллий ҳокимият идоралари эгалигида бўлган мулк хўжалик юритиш ёки жорий бошқариш ҳуқуқи б-н юридик шахсларга берилиши мумкин. Кўпгина ривожланган мамлакатларда давлат корхоналари давлат мулкининг муҳим объектларига киради ва уларни тармоқ вазирликлари бошқаради, Молия вазирлиги назорат қилади. Айрим мамлакатларда Давлат мулкини бошқариш билан шуғулланадиган махсус вазирликлар таъсис этилган.

Ўзбекистон Республикасида бозор иқтисодиётига ўтиш даврида ислоҳотларни амалга ошириш давомида 1994 й. да Вазирлар Маҳкамасининг Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш қўмитаси (1992) ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки фонди негизида давлат бошқарув органи — Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Давлат мулки қўмитаси) ташкил этилди. Давлат мулки қўмитаси давлат корхоналар ва б. мулкка, корхоналарнинг устав фондидаги давлат ҳиссасига тўғри келадиган акциялар пакети ва пайларга мулкчилик ҳуқуқини амалга оширади. Давлат мулки қўмитаси белгиланган тартибда Ўзбекистон ҳудудидаги ва чет эллардаги Ўзбекистон Республикаси давлат мулки объектларини бошқариш ва тасарруф этиш; давлат сиёсати қонунчилиги асосида давлат корхоналари, кўчмас мулк объектларини ва улар жойлашган ер майдонларини хусусийлаштириши, давлат тармоқ, минтақа бўйича хусусийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини тармоқлараро ва минтақалараро мувофиқлаштириш; Давлат мулки қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига раҳбарлик; хусусийлаштиришни ва тадбиркорликни қўллабқувватлаш ҳамда инвестицияларни жалб этиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайдиган бозор инфратузилмалари ва муассасаларини барпо этиш ва б. вазифаларни бажаради.

Абдулла Абдуқодиров.