ДАВЛАТ МОЛИЯСИ

ДАВЛАТ МОЛИЯСИ — давлат ихтиёрида пул жамғармаларининг ташкил этилиши, тақсимланиши ва сарфланиши соҳасидаги молиявий муносабатлар. Давлат молиясининг маблағлари умуммиллий манфаатлар йўлида сарфланади, давлатнинг функцияларини бажаришга хизмат қилади. Давлат молияси пул жамғармалари, молия механизми, давлатнинг молиявий институтлари (идоралари) ва молия сиёсатини ўзида мужассамлаштиради. Давлат молияси таркибан давлат бюджети, маҳаллий (муниципал) бюджетлар, давлат корхоналарининг молияси (уларнинг бюджети), ҳукуматга қарашли махсус жамғармалар, давлат кредити (давлат қарз олган ва қарзга берадиган воситалари) каби турларга булинади.

Биринчи марта «Давлат молияси» атамаси 16-а. да Францияда ишлатила бошлади. Ўша даврда Давлат молияси турли солиқлар тарзида майдонга келди. Йирик давлатларнинг вужудга келиши ва улар харажатларининг ортиб бориши билан накд пулга эҳтиёж ўсди, натижада халқдан олинадиган солиқлар, асосан, пул шаклида йиғиб олинадиган бўлди, мажбурий соликлар ва заёмлар давлат заёмлари билан алмашинди. Бунинг оқибатида Давлат молиясининг мураккаб тизими вужудга келди.

Ҳоз. вақтда давлатнинг иқтисодий ва молиявий сиёсатини амалга оширишда Давлат молияси катта аҳамиятга эга. У такрор и. ч. жараёнларини таъминлаш, халқнинг моддий ва маънавий турмуш фаровонлигини ошириш, давлат органларини маблағ билан таъминлаш, мамлакат иқтисодиётини ўстириш, халқ хўжалигини, ижтимоий соҳани молиялаштириш, иқтисодиётни инвестициялаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, миллий хавфсизликни таъминлаш, давлатни идора қилиш ва б. да етакчи восита хисобланади. Мавжуд барча корхоналар ва халқ хўжалиги тармоқлари молияси Давлат молияси ва молия тизими захираларининг асосий манбаидир.

Аҳмаджон Ўлмасов.