ДАВЛАТ ИМТИҲОНИ

ДАВЛАТ ИМТИҲОНИ — ЎзРда олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юртларида битирув имтиҳони. Тиббиёт, пед., қ. х. ин-тлари ва ўрта махсус ҳамда касбҳунар ўқув юртлари, консерватория, маданият ин-тлари, жисмоний тарбия ин-т ва ўрта махсус ҳамда касб-ҳунар ўқув юртларида битирувчилар, одатда, ижтимоий сиёсий фанларнинг биридан ва асосий ихтисосликка тегишли 2—3 фандан Давлат имтиҳони топширадилар; ун-т, иқтисодиёт ва театр олий ўқув юртларини битирувчилар ижтимоий сиёсий фанларнинг биридан Давлат имтиҳони топшириш билан бирга, диплом иши ҳимоя қиладилар.

Олий техника ўқув юртларида Давлат имтиҳони ўрнига диплом лойиҳаси, бадиий интларда диплом иши ҳимоя қилинади. Давлат имтиҳонини олий ўқув юртларининг давлат имтиҳон комиссияси ҳамда ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юртларининг давлат ихтисос комиссияси ўтказади. Комиссия таркибига қуйидагилар киради: раис — муайян ихтисосдаги йирик мутахассис ёки олим (мазкур ўқув юртида ишламайдиган) ва комиссия аъзолари — олий ўқув юртларида: ректор ёки проректор, ф-т декани ёки унинг ўринбосари, кафедра мудири, проф. ва доцентлар; ўрта махсус ва касб-хунар ўқув юртларида — директор (директор ўринбосари), ихтисосликка тегишли фанлардан бир неча ўқитувчи. Д. и. га ўқув режасининг барча талабини бажарган шахслар қўйилади. Давлат имтиҳонида қўйилган баҳо комиссиянинг ёпиқ мажлисида кўпчилик овоз билан тасдикланади. Ўқув юртини битирувчига тегишли мутахассисликни бериш масаласи Давлат имтиҳонини топшириш асосида ҳал қилинади.