ДАВЛАТ ГЕРБИ

ДАВЛАТ ГЕРБИ — давлат рамзларидан бири. Унда давлатнинг миллийсиёсий, иқтисодий хусусиятлари, ижтимоий ва давлат тузуми, географик ва б. белгилари ўз ифодасини топади. Герб давлат байроқларида, муҳрда, расмий бланкларда, муҳим ҳужжат, пул ва давлат заёмларида, баъзи биноларда тасвирланади. Давлат гербининг маз-муни конституция ёки махсус қонун билан белгиланади (жаҳондаги давлатлар герблари тасвири ҳақида тегишли мақолаларга қ.).

Ўзбекистон Республикаси Д. г. нинг рангли ва оқ-қора тасвири «Ўзбекистан Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонун (1992 й. 2 июль)да тасдикланган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида республика ҳурлигининг рамзи сифатида 8 бурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвири бор. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Хумо қуши кўринади. Гербнинг пастки қисмида республика Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва унинг тасвирини акс эттириш лозим бўлган ҳоллар, шу билан боғлиқ тартиб-қоидалар юқоридаги қонунда белгиланган.