ДАВЛАТ БОШЛИҒИ

ДАВЛАТ БОШЛИҒИ — давлатнинг ички ва ташқи ишларига олий раҳбарликни амалга оширувчи шахс ёки орган. Монархия бошқаруви шаклидаги давлатлар (Буюк Британия, Швеция, Япония)да Давлат бошлиғи монарх (қирол, подшо, император) бўлиб, унинг ҳокимияти ҳукмрон хонадон бир вакилидан 2-вакилига қонунда белгиланган тартибда ўтади. Республика бошқаруви шакли амалда бўлган давлатларда кўпинча президент Д. б. ҳисобланади. У бевосита фуқаролар томонидан сайланиши (Россия, Франция, Мексика ва б.), фуқаролар вакиллари томонидан поғонали асосда сайланиши (АҚШ, Аргентина) ёки президент сайлаш учун ташкил қилинган орган томонидан сайланиши (мас, Германия) ёхуд парламент томонидан сайланиши (Чехия) мумкин. Деярли барча давлатлар кон-ституцияларида Давлат бошлиғига жуда кенг ваколатлар берилган: у ҳукумат бошлиғини ва вазирларни тайинлайди, қуролли кучлар олий бош қўмондони ҳисобланади, маҳкумларни афв этиш ва вето ҳуқуқига эга бўлади, фуқароларни орден ва медаллар билан тақдирлайди, парламентларнинг сессияларини чақиради ва ҳ. к. Айрим давлатларда унга парламентни ёхуд унинг қуйи палатасини тарқатиб юбориш ҳуқуқи ҳам берилган. Парламентар республикаларда Давлат бошлиғининг барча ваколатларини унинг номидан ҳукумат амалга оширади (қ. Президентлик бошқаруви).

Ўзбекистан Республикасида давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи президентдир. У айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг Раиси ҳисобланади (қ. Ўзбекистон Республикасининг Президенти).