ДАВЛАТ БИБЛИОГРАФИЯСИ

ДАВЛАТ БИБЛИОГРАФИЯСИ — мамлакат ҳудудида нашр этиладиган барча матбуот асарларини давлат ҳисо-бини олиш ва улар ҳақида ахборот бериш. Рўйхат барча нашриётлар ва полиграфия корхоналаридан Библиографик марказга келиб тушадиган мажбурий (контрол) нусха асосида олиб борилади ва давлат миқёсида тўлиқ бўлиши таъминланади. Давлат библиографияси тизими универсал манба бўлиб, библиографиянинг бошқа турлари ривожида асос вазифасини ўтайди: матбуот расмий статистикаси учун маълумот беради, мамлакатдаги маданият, фан ва техника ҳолатини ўзида акс эттиради, унинг кейинги тараққиётига кўмак беради. Давлат библиографияси билан Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси Миллий китоб палатаси шуғулланади. Янги китобларни рўйхатга оладиган «Китоб солномаси», жур. ва газ. ларда босилган долзарб мавзудаги мақолаларни рўйхатга олувчи «Журнал мақолалари солномаси», тасвирий санъат асарларини рўйхатга олувчи «Тасвирий нашрлар солномаси» ва б. ни чоп этади.