ДАВЛАТ АЙБЛОВЧИСИ

ДАВЛАТ АЙБЛОВЧИСИ — жиноят иши бўйича судланувчига қўйилган айбни судда давлат номидан қўллабқувватлайдиган прокурор. Прокурор айбловни қувватлаганда амалдаги қонунларнинг талабларига ва ишнинг барча ҳолатларини эътиборга олишга асосланган ўз ишончига амал қилади. Давлат айбловчиси текширишда иштирок этади. Жиноят кодексининг нормаларини қўллаш, судланувчининг ҳара-катларини тавсифлаш, унга жазо турини ва меъёрини тайинлаш тўғрисида қамда суд ҳал этиши лозим бўлган бошқа масалалар юзасидан ўз фикрини баён қилади. Прокурор суд тергови натижалари асосида судланувчига қўйилган айбловни ўзгартириш зарур, деган хулосага келса, бу ҳақда судга асослантирилган баёнот бериши шарт. Суд муҳокамасида қатнашган прокурор суд тергови маълумотлари судланувчининг айбсизлигидан далолат беради, деган ишончга келса, у айбловдан воз кечиши ва воз кечиш сабабларини судга баён қилиши; айбловнинг мазмунини ўзгартириш ёки айбловдан воз кечиш сабаблари хусусидаги фикрини судга ёзма равишда такдим этиши шарт. Башарти фуқа-роларнинг ҳуқуқларини ва жамият манфаатларини муҳофаза этиш мақсадлари талаб қилса, даъво қўзғатувчи ёки жабрланувчи томонидан қўзғатилган фуқаровий даъвони қувватлайди. Ўзбекистон Республикасида прокурорнинг суд муҳокамасида иштироки ЖПК ва Прокуратура тўғрисида ЎзР қонуни (янги таҳрири — 2001 й. 29 авг.) билан белгиланади (яна қ. Айблов, Хусусий айблов).