ДАВИДЗОН ҒЎЗАСИ

ДАВИДЗОН ҒЎЗАСИ (Gossypium davidsonii Kell.) — ёввойи ғўза тури. Геноми D2_d, хромосомалар сони 2п=26. 1873 й. да топилган. Биринчи марта Келлер таърифлаб берган (1912). Мексиканинг Сонора штатида, Қуйи Калифорнияда ва Равилья, Гигедо о. да тарқалган. Давидзон ғўзаси кўп йиллик, сертук бута, бўйи 2 м гача. Ҳосил шохлари 2—3 бўғимли. Барглари майда, бутун ёки 1—2 бўлакчали, юраксимон, учи чўзиқ ва ўткир, оч яшил, бахмалсимон. Барг шира бези битта, томир учлари майда, қизил. Гуллари майда, косачасимон, сариқ, асосида майдамайда тўқ қизил доғлари бор. Гулёнбарглари юраксимон, 6—8 учли тишчалар бор. Кўсаклари майда, думалоқ, учи ўткир, 3 — 5 чаноқли, тўлиқ очилмайди. Чигити майда, тошдек қаттиқ, 3—4 мм ли қўнғир туклари чигитга ёпишган. Давидзон ғўзаси қурғоқчиликка, шўрга чидамли, серҳосил, битлар ва бактериоздан кам зарарланади. Клоцш, Армур ғўзалари билан осон чатишади.

Абдумавлон Абдуллаев.