ДАВИД

ДАВИД (David) Жак Луи (1748.30.8, Париж — 1825.29.12, Брюссель) — француз рассоми, инқилобий классицизмнинг етакчи намояндаси. Париждаги Қироллик рассомлик ва ҳайкалтарошлик академиясида (1766—74; 1784 й. дан академик), 1775—80 й. ларда Римда таълим олган. Қад. тарихий мавзулардаги асарларида классицизм хусусиятлари кўзга ташланади («Горацийлар қасамёди», 1784; «Ликторлар Брутга унинг ўғли жасадини келтирмоқдалар», 1789 ва б.). Улуг француз инқилоби (1789—94)да фаол қатнашган, якобинчилар Конвенти аъзоси бўлган. Қаҳрамон замондошлари қиёфасини акс эттирган асарлар яратган («Тўп ўйнайдиган залда қасамёд», 1791; «Маратнинг ўлими», 1793 ва б.). Термидорианлар тўнтаришидан сўнг инқилобий ҳаракатдан четлашди. Директория йиллари, кейинроқ Империяда Д. Наполеоннинг биринчи рассоми бўлган. Кўринишда ёқимли, тантанавор (саройбоп) асарлар («Наполеон Сен-Бернардан ўтишда», 1800; «Наполеоннинг Жозефинага тож кийдириши», 1805—07 ва б.), ўта нафис портретлар («Мадам Рекамье», 1800 ва б.) яратди. Айни пайтда реалистик портретлари ҳам дунёга келди («Грендль оиласидан ўсмир портрета», 1816 ва б.). Бурбонлар ҳокимиятга қайтиши билан Брюсселга кетади.