ДАРЁЛАР ГИДРОЛОГИЯСИ

ДАРЁЛАР ГИДРОЛОГИЯСИ — қуруқлик гидрологиясининг бўлими. Дарёлар, уларнинг ўзани ва ҳавзаларидаги сув оқими ва оқизикларнинг гидрологик режимини ўрганади. Дарёлар гидрологияси дарё ўзанининг ҳолатини, табиий омиллар — Ер сирти ҳолати (геологик тузилиши, рельефи, ўсимлик қоплами, тупроқ шароити) ва иқлими (атмосфера ёғинлари, ҳаво ҳарорати) ҳамда инсон фаолияти билан боғлиқ бўлган омилларнинг оқимга таъсирини ўрганади. Дарёлар гидрологияси ўзан жараёнлари, ўзан оқими динамикаси, дарёларнинг т-ра режими, музлаш ҳодисалари, минераллашув даражаси, шунингдек, дарёларнинг сув режими элементларини олдиндан айтиш — башорат қилиш билан шуғулланади (яна қ. Гидрология).