ДАРВОЗАҚИРЛИКЛАР ЧАЙЛАСИ

ДАРВОЗАҚИРЛИКЛАР ЧАЙЛАСИ — Зарафшон дарёсининг қуйи ҳавзасида неолит даври (мил. ав. 4-3-минг йиллик)да яшаган овчи қабилаларининг манзилгоҳи. Ў. Исломов томонидан очилган (1961). Бир неча маданий қатламдан иборат. Чайлалардан бирининг бурчакларидан 4 каттагина чуқурча (устунлар урни) топилган. Чайланинг эшиги шарққа — кўлга қараган, ўчоқлар ташқаридаги майдонда бўлган. Чайлалар енгил ишланган бўлиб, 81 м2 майдонни эгаллаган, унда 30—35 кишидан иборат бир уруғ жамоаси жойлашган. Топилган ҳар хил ҳайвон ва қуш суяклари Дарвозақирликлар чайласида одамлар ов билан шуғулланганини кўрсатади. Кундалик ҳаётда тошдан ясалган қуроллар муҳим роль ўйнаган. Чақмоқтошдан микролит пичоқ, қирғич, бигиз, ёғоч йўниш қуроллари, уқ-ёй учлари, пармалаш қуроллари, болға ва тош болталар, қимматбаҳо тошлардан тумор ва мун-чоқлар тайёрланган. Дарвозақирликларнинг сопол идишлари анча мустаҳкам, ости ясси, тухумсимон шаклда бўлиб, сиртига турли хил нақшлар солинган. Дарвозақирликлар чайласи ёдгорликлари баъзи хусусиятлари билан Хоразмдаги Калтаминор маданиятига ўхшаб кетади.