ДАРСОНВАЛИЗАЦИЯ

ДАРСОНВАЛИЗАЦИЯ — юқори кучланишли ва юқори частотали ўзгарувчан токни даво мақсадида қўллаш; шу усулни тавсия этган (1891) француз олими д’Арсонваль номи билан аталган. Умумий (индуктотерапия) ва маҳаллий Дарсонвализация фарқ қилинади. Газ билан тўлдирилган шиша электрод бемор баданида у ёқ-бу ёққа сурилади, бунда бемор бадани билан электрод ўртасида кичик учқун разрядлар ҳосил бўлиб, теридаги нерв охирларини қитиқлайди. Айни вақтда терида бир оз иссиқлик пайдо бўлади, қон томирлари рефлектор йўл билан кенгаяди. Дарсонвализация тўқималарнинг озиқланишини яхшилаб, оғриқни қолдиради. Дарсонвализацияда тўқималарда маълум физик ва кимёвий ўзгаришлар рўй беради. Умумий Дарсонвализация қон босимини кўтаради, мия томирлари тонусини барқарорлаштиради, моддалар алмашинувини яхшилайди ва ҳ. к. Маҳаллий Дарсонвализация қон томирлар тонусини оширади, моддалар алмашинувини тартибга солади, тўқималар озиқланишини яхшилайди, лимфоцитларнинг ҳимоя фаолиятини кучайтиради ва б. Периферик кон айланиши бузилганда, яъни қўл ёки оёк, томирлари торайиб, тўқималар озиқланиши ўзгариши натижасида эт увишиб, худди чумоли юраётгандек сезилганда бу усул (маҳаллий Дарсонвализация) қўлланилади. Невроз ва юрак томирлари спазми оқибатида, юза нервлар чигаллари, гипертония касалликларига ва оғриқ билан ўтадиган б. касалликларга даво қилишда Дарсонвализациядан фойдаланилади. Дарсонвализация терининг озиқланишини яхшилаши сабабли бир канча тери касалликларини даволаш, косметикада ажин тушиши, шунингдек, соч тўкилишининг олдини олишда жуда қўл келади.