ДАРРАСОЛДИ

ДАРРАСОЛДИ, дуррасолди — болалар ва ўсмирлар ўйини. Ўйинга қатнашувчилар давра қуриб ўтирадилар. Бир киши эшилган белбоғ (дарра)ни қўлига ушлаб, давра атрофида айланади ва дар-рани ўтирганлардан бирининг орқасига билдирмай ташлаб кетади, ўзи эса жой топиб ўтириб олишга ҳаракат қилади. Ўтирган одам орқасига дарра ташланганини сезиб қолса, ўрнидан тез туриб, даррани олади ва дарра ташловчини қувлайди, етиб олса дарра билан уриб, даврани айлантириб чиқадида, даррани унга бериб ўз ўрнига ўтиради. Дарра ташлаган киши жой топиб ўтириб олишга улгурса, даррали одам давра айланишини давом эттириб, даррани бошқа бировнинг орқасига ташлайди. Мабодо киши ўз орқасига дарра ташланганини билмаса, унда дарра ташловчи уни уриб даврани айлантиради ва даррани унга бериб, ўзи унинг ўрнига ўтиради. Ўйин шу зайлда давом этади.