ДАРРАНДАЧИЛИК

ДАРРАНДАЧИЛИК — тери (мўйна) олиш мақсадларида қимматбаҳо мўйнали ҳайвонларни боқиш; чорвачилик тармоғи. Даррандачиликда ноёб мўйна берадиган кумушранг-қора тулки, шимол (қутб) тулкиси, қоракузан (норка), сувсар (соболь), нутрия (сув каламуши), ондатра, қундуз ва б. ҳайвонлар катакларда боқиб, етиштирилади. Кўпгина мамлакатларда саноат асосида ишлайдиган махсус Даррандачилик фермалари ва хўжаликлари ташкил қилинган. Улар товар (мўйна) етиштириш ва наслчилик ишлари билан шуғулланадиган хўжаликларга бўлинади (мас, Россияда табиий мутациялар асосида рангли қоракузаннинг 40 га яқин типи, наслчилик ишлари натижасида қимматбаҳо йирик қора сувсарлар зоти яратилган). Ўзбекистонда 20-а. нинг 70-й. ларидан бошлаб Даррандачилик соҳасида Қуйи Амударёда ва Сурхондарё ви-лоятида ҳаваскорлар томонидан ва матлубот жамиятлари ҳузуридаги кичик фермаларда ондатра, қундуз, нутрия, тулки, қоракузан боқилади.

Даррандачилик тармоқ сифатда Россия, АҚШ, Канада, Дания, Швеция, Норвегия, Финляндия, Болтиқбўйи мамлакатлари ва б. да ривож топган.

Адиба Аҳмаджонова.