ДАРОМАДЛАРНИ ИНДЕКСЛАШ

ДАРОМАДЛАРНИ ИНДЕКСЛАШ, даромадлар индексацияси — истеъмол буюмлари нархлари даражасига мувофиқ турли аҳоли тоифаларининг номинал даромадлари (иш ҳақи, нафақа, стипендия, пенсия ва б.)ни давлат томонидан мунтазам ошириш; аҳолини инфляциядан ижтимоий ҳимоялаш тадбирларидан бири. Нарх-наво индекси тирикчилик учун зарур товарлар мажмуи — озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор товарлари, хизматлар бўйича ҳисобланади (қимматбаҳо буюмлар, автомашина, биллур ва б. нодир товарларга қилинадиган харажатлар бу ҳисобга кирмайди). Биринчи навбатда энг кам даромад олувчи ва даромади белгили бўлган аҳоли тоифалари даромадлари индексланади.

Ўзбекистонда бозор ислоҳотларига ўтиш даврининг дастлабки босқичида (1991—96) ҳукумат аҳолини бозор иқтисодиёти шароитида ижтимоий ҳимоялаш давлат дастурини ишлаб чиқди ва амалиётга жорий эта бошлади. Унга кўра, аҳоли турмуш тарзининг пасайиб кетиши олдини олиш мақсади-да 1992— 95 й. ларда ҳар йили 4 мартадан, 1996— 98 й. ларда ҳар йили 2 мартадан Даромадларни индекслаш ўтказилди, даромадлар 20 — 50% гача индексация қилинди. Ўзбекистонда иш ҳақи тариф тизими орқали табақалаштирилиб, турли касблар ва иш турлари учун иш ҳақи тўлашнинг ягона разрядлари белгиланган. Нархлар ўсиши билан минимал иш ҳақида даражаси (1-разряд) хамда барча разрядлар улар ўртасидаги нисбат сақланган ҳолда ошириб борилади. Mac, 2001 й. 1 авг. дан бошлаб иш ҳақининг минимал даражаси 3430 сўм қилиб белгиланди. Даромадларни индекслаш мамлакатда инфляция суръатлари 20% гача бўлган тақдирдагина Самара бериши мумкин.

Садир Салимов