ДАРОМАД СОЛИҒИ

ДАРОМАД СОЛИҒИ — молия йилида солиқ солинадиган даромадга эга бўлган жисмоний шахслар (фукаролар) нинг солиқ солинадиган жами даромадларидан, юридик шахслар (ташкилотлар, хўжаликлар, корхоналар ва б.)нинг солиқ солинадиган жами даромади (фойдаси) дан ундириладиган тўғри, умумдавлат солиғи. Буюк Британияда 1842 й. дан, Японияда 1887 й. дан, Германияда 1891 й. дан, АҚШда 1913 й. дан, Францияда 1914 й. дан жорий қилинган. Собиқ СССРда 1922 й. 16 нояб. даги Декретга кўра даромад-мулк солиғи деган умумий ном билан жорий қилинган ва 1924 й. дан Даромад солиғига айлантирилган ҳамда 1991 й. гача ишчи ва хизматчиларнинг маошидан табакалашган шкала бўйича ундирилган (100 сўмдан 8 сўм 20 тийин, 100 дан юқори суммадан 13% миқдорида). Ўзбекистон Республикасида Даромад солиғи ундириш тартиби 1998 й. янв. дан амалга киритилган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ олиб борилади. Кодексга кўра юридик шахсларнинг солик солинадиган жами даромади (фойдаси)га 26 фоизлик ставка бўйича солиқ солинади (2001). Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари даромад (фойда) солиғи, қўшилган қиймат солиғи, экология ва б. солиқлар ҳамда йиғимлар ўрнига бюджетга ялпи даромад солиғи тўлайдилар (22—50% даражасида). Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадларига солиқ солиш мақсадида энг кам иш ҳақининг микдори йил бошидан эътиборан ортиб борувчи якун тарзида (ошиб борувчи ставкаларда) ҳисобланади, энг кам иш ҳақининг тўрт баравари микдоригача даромад суммасининг 13%, энг кам иш ҳақининг саккиз бараваригача 23%, 8 баравари миқдоридан (+1 сўм) ва ундан юқори бўлган суммадан 33% ни ташкил қилади (1 авг. 2001). Даромад солиғи ундиришда солиқ тўловчилар учун бир қатор чегирмалар ва имтиёзлар назарда тутилган (яна қ. Солиқлар).

Раҳматжон Абдуллаев.