ДАНГ

ДАНГ — 1) оғирлик ўлчови ёки пул бирлиги. Улуғбек академиясининг намояндаларидан Ғиёсиддин Жамшид алКоший (Кошоний) ўзининг «Арифметика калити» асарида ўрта асрлардаги Ўрта Осиё ва Эрон халқларининг оғирлик ўлчови ва пул бирлиги бўлган Данг, тассуж ва ашоир атамаларидан каср сонларни ифодалашда фойдаланган. Бунда динорни 1 га тенг деб олинса, Данг 1/6 га, тассуж 1/24 га, ашоир 1/96 га тенг бўлган. Чунки бир Данг олтин билан ўлчанса 1/6 динорга, кумуш билан ўлчанса 1/6 дирҳамга ва ихтиёрий оғирликдаги 1/6 мисқолга тенг. Тассуж Данг билан қуйидагича боғланган: 1 тассуж 1/4 Д. = 1/24 динор, дирҳам ёки мисқол. 1 ашоир 1/4 тассуж = 1/16 Данг = 1/96 динор, дирҳам ёки мисқол;

2) рус тилидаги «деньга» сўзининг ўзаги шу «данг» дан олинган, дастлаб у пул бирлиги бўлиб, 1/2 тийин ёки 1/16 олтинни билдирган. Данг кўпгина адабиётларда, мас, Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи», Б. Аҳмедовнинг «Тарихдан сабоқлар»ида донг кўринишида ҳам учраб туради.