ДАНДАНА

ДАНДАНА (форс, дандон) — 1) қад. мискарликда — мис бўлакларини бир-бирига улаш усули. Бўлаклар бирининг кемтикларига (тишларига) иккинчисининг кемтиклари киритилиб жипслаштирилган ва кавшарланган. Бу усул ҳозир ҳам қўлланилади;

2) темирчиликда — (ўчоқ) нинг дам чиқариб, металлни қиздирадиган жойи (Андижон, Марғилонда);

3) меъморликда — ғиштларни қирра қилиб териб ҳосил қилинадиган безак усули, кунгура. Бу усулдан ҳовуз ва гулзор чеккаларини, биноларнинг юқори қисмлари (карнизлар) ни безашда фойдаланилади. Турар жойларда пойгоҳ (оёқ кийимлари ечиладиган махсус жой) ҳам Дандана усулида ғишт б-н атрофдан ажратилган. Деворлар тепасидаги Дандана деворни қор-ёмғирдан ҳимоя қилган;

4) деҳқончиликда — узунасига олинадиган ариқча (қ. Жўяк). Тишли мола (сихмола) ҳам Дандана деб аталади.