ДАН ТИЛИ

ДАН ТИЛИ — данлар тили. Герман тиллари гуруҳининг Скандинавия (Шим. Германия) шохобчасига киради. Даниянинг расмий тили бўлиб, унда 5,0 млн. га яқин киши сўзлашади. 16 — 19-а. ларда Дан тили Норвегияда ҳам расмий ва сўзлашув тили бўлган. Тарихда Дан тилининг 3 даври фаркланади: умумскандинавия асос тили (3—9-а. лар), эски Дан тили (9—16-а. лар) ва янги Дан тили (16-а. дан кейинги давр). Д. т. даги қад. ёзма ёдгорликлар «руник» ёзувда бўлиб, 9-а. га тааллуқяи. Бу вақтга келиб эски Дан тили бошқа скандинав тиллардан фарқ қила бошлаган. 18-а. га келиб, ҳоз. адабий Дан тили шаклланди. Адабий Дан тили зеланд диалекти асосида юзага келган. Ҳоз. адабий Дан тили учун аналитик қурилиш хос, фонетикасида чўзиқ ва қисқа унлилар мавжуд (10 жуфт). Ундошлар фақат қисқа. Грамматикасида отлар бирлик ва кўпликда келади, умумий ва қаратқич келишигида турланади. Гап қурилиши учун 2 таркиблилик ва асосий бўлаклар — эга ва кесимнинг аниқ ўринга эгалиги хос. Янги сўзлар турли сўз ясовчи қўшимчалар, шунингдек, сўзларни қўшиш йўли билан ясалади. Ёзуви лотин алифбоси асосида.