ДАМДАМ ЧАШМА

ДАМДАМ ЧАШМА — юқори палеолит ва илк жез даврига оид манзилгоҳ. Катта Болхон тоғининг жан. ён бағри (Туркманистон) даги дара ғорларидан топилган. Икки ғори ўрганилган. Уларнинг ҳар бири бир неча маданий қатламдан иборат. 1-ғор (Д—I) дан призма шаклидаги нуклеус, чақмоқланган тош бўлаклари, тош пичоқ, бигиз, азил типидаги қисқич, йўнувчи тош қурол (қуйи қисмидан) ва чақмоқтош қуроллар, ҳайвон суяклари, сопол синиқлари (юқори қисмидан) топилган. 2-ғор (Д-П) 23 маданий қатламни ўз ичига олади. Энг пастки қатламларидан фақат тош қуроллар (қисқич, ўроқсимон ранда, нуклеус, парма, пичоқ ва пардозланган қисқичлар) топилган. Юқори қатламларида меҳнат қуроллари чиққан, пардозланган чақмоқтош қуроллари ва суяк игналар 4 қаватдан кўп топилган. 1 — 3қаватларда тош қуроллар билан бирга сирти силлиқланиб, уч бурчакли, ўйма ва тўғри чизиқли нақшлар солинган сопол идишлар ҳам учрайди.