ДАМАШҚ

ДАМАШҚ (араб. — Димишқ; тарихий номлари — Шом, Дамаскус) — Сурия Араб Республикасининг пойтахт шаҳри. Дамашқ муҳофазасининг маъмурий маркази. Барада дарёси водийсида, 690 м баландликда жойлашган. Иқлими субтропик, янв. нинг ўртача т-раси 7—8°, июлники 26—27°, йиллик ёғин 227 мм. Аҳолиси 3 млн. киши (1998), кўпчилиги араблар; шунингдек, арман, курд, черкас, грек ва б. ҳам яшайди. Қад. да Миср, Фаластин, Ироқ, Арабистон я. о. га карвон йўллари Дамашқ орқали ўтган. Дамашқнинг беш минг йилдан ортиқ тарихи бор. Қадимда у Тимаски, Темасги, Димаска, Каранаски деб ҳам юритилган. Ўрта аср тарихчилари уни «Дунё жаннати», «Шарқ жаннати» деб аташган. Миср фиръавнлари (мил. ав. 16-а.), оромийлар (мил. ав. 10-а.), оссурийлар (Оссурия, мил. ав. 132), бобилликлар (мил. ав. 604), форслар (мил. ав. 538), македониялик Искандар (мил. ав. 332), Рим империяси (64 й.), Византия (5—7-а. лар), араб ва турклар Д. ни бирбир эғаллаб ўтганлар. Дамашқ умавийлар даври (661—750)да халифалик маркази бўлган. Бу вақтда шаҳарда ҳашаматли қасрлар, масжидлар қурилган. Мовароуннаҳр ва Шарқнинг йирик файласуфи Абу Наср Форобий Дамашқ мадрасаларида дарс берган. Дамашқда аббосийлар, тулунийлар (9-а.), фотимийлар (10-а.), салжуқийлар (11-а.) ҳукмронлик қилган. 1260 й. да Дамашқ мамлуклар, 1401 й. да Амир Темур тасарруфига ўтган. Мамлуклар даврида (13—16-а. ларда) Дамашқ — савдо ва ҳунармандчилик (мато, қурол-аслаҳалар и. ч., заргарлик буюмлари тайёрлаш) ҳамда исломнинг таянч марказларидан бўлган. 1516 й. дан 1918 й. гача Усмонийлар салтанати таркибида бўлган. 1918 й. 1 окт. да Ҳижоз қўмондони амир Файсал аскарлари Дамашқни эғаллади. Сурия 1920 й. да Франция мандатлигига ўтгач, Дамашқга француз аскарлари бостириб кирди. Шу сабабдан шаҳар четидаги Майсалун деган жойда қаттиқ жанг бўлди; 1943 й. да Сурия мустақилликка эришгач, Дамашқ унинг пойтахти бўлиб қолди.

Дамашқ — йирик савдосаноат ва молия маркази, муҳим транспорт йўллари тугуни. Халқаро аэропорт бор. Мамлакатдаги кўпгина шаҳарлар ҳамда Байрут, Аммон ва Бағдод ш. лари билан т. й. ва ҳаво йўллари; Европа, Осиё ва Африка билан халқаро ҳаво йўллари орқали боғланган. Шаҳарда тўқимачилик, гилам тўқиш ф-калари, совунгарлик, фармацевтика, электрокабель, цемент, ойна з-длари, озиқ-овқат, автомобиль ремонти, тикувчилик, бўёқ, кўнчилик корхоналари; мис, олтин, кумушга бадиий ишлов бериш, қуроласлаҳа тайёрлаш устахоналари ва б. бор. Машинасозлик ва металлсозлик саноати ривожланмоқда. Дамашқ аҳолиси миллати ва динига қараб маҳаллаларга бўлинган. Шаҳарда Дамашқ ва Араб академиялари, Сурия ун-ти (1923), Шарқ мусиқаси ин-ти, Олий педагогика ва Олий политехника билим юртлари, Ҳарбий академия, Миллий музей (1919), Шарқ турмуши музейи, бутун Шарққа машҳур бозор ва расталар, кутубхоналар, театрлар ва б. бор. Меъморий ёдгорликлардан араб-ислом маданияти дурдонаси бўлмиш Умавийлар масжиди (705—715 й. лар), Сулаймония масжиди ва б. сақланган.