ДАМАШҚ ПОДШОЛИГИ

ДАМАШҚ ПОДШОЛИГИ — Суриядаги қад. давлат. Оссурия-Бобил ва Миср манбалари ҳамда Библияда кўпроқ тилга олинган. Дамашқ подшолигини мил. ав. 11 — 10-а. бошларида оромийлар тузган. Мил. ав. 10-а. бошларида Исроил подшолигига бўйсунган, кейинчалик мустақил бўлиб ажралиб чиққан. Шоҳ Табриммон ва Бен-Адад I (мил. ав. 914—880) даврида Сурия (Шом), Фаластинни ҳам ўзига қаратиб олган. Дамашқ подшолиги бир неча давлатлардан иборат иттифоққа раҳбарлик қилган. Шоҳ Ғазаил (мил. ав. 844—804) даврида Дамашқ подшолиги Оссурияга бож тўлаб турган. Мил. ав. 8-а. да Дамашқ подшолиги қудратли давлатга айланган. Бу вақтда унга Суриядаги 17 подшолик бўйсунган, оссурияликлар ҳужумига бардош бера олган. Лекин ички зиддиятлар ва қўшни давлатларнинг ҳужумлари туфайли Дамашқ подшолиги Оссурия давлатининг вилоятига айланиб қолган (мил. ав. 732).