ДАМАЧИ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ

«ДАМАЧИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ — ЎзРдаги дастлабки ташкил қилинган балиқчилик хўжаликларидан бири. Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган. 1941—46 й. ларда ташкил этилган ва 1946 й. дан иш бошлаган. 1994 й. гача балиқ боқиладиган «Дамачи» балиқчилик к-ти, 1994 й. дан очиқ турдаги акциядорлик жамияти, 12 семиртириш ҳовузи, 6 ўстириш ҳовузига ва 1 тутилган баликлар сақланадиган ҳовузга эга. Жами майдони 550 га; шундан 249 га майдонни балик, боқиладиган ҳовузлар ташкил этади. Гектаридан 35—37 ц, баъзи ҳовузлардан 40 ц гача балиқ овланади. Йилига 600 — 650 т балиқ етиштирилади. Хўжаликда тутилган балиқ махсус «Тирик балиқ» автомашиналарида Тошкент вилояти шаҳарлари ва Тошкент шаҳар савдо шохобчаларига жўнатилади. Хўжаликда дудланган балиқ етказиб берадиган махсус цех ишлайди. Хўжаликнинг поғонали қилиб қазилган ҳовузларида коллектор ва ҳ. к. экинларидан бўшаган оқова сувлардан фойдаланилади.

Жаҳонгир Ҳошимов.