ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИ

ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИ — ҳар ҳафталик узлуксиз дам олиш кунлари. Ўзбекистон Республикасида барча ходимларга 5 кунлик иш ҳафтасида ҳафтада 2 дам олиш куни, 6 кунлик иш ҳафтасида эса, 1 дам олиш куни берилади (ЎзР Меҳнат кодекси, 129-модда). Умумий дам олиш куни якшанбадир. Дам олиш кунларида ишлатиш тақикланади. Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни Дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади. Айрим тоифа ходимларга дам олиш куни бериш учун алоҳида қоидалар белгиланган. Қонун бўйича ногиронларни, ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган (16 ёшга тўлмаган ногирон) боласи бор аёлларни, шунингдек, вояга етмаган ёшларни Дам олиш кунлари ишга жалб этишга йўл қўйилмайди. Дам олиш кунини бошқа кунга кўчириш ёки иш куни деб эълон қилиш ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киради.