ДАМ

ДАМ (форс — нафас) — 1) ҳунармандчиликда — ўчоққа ҳаво ҳайдайдиган гармонсимон мослама. Дам ва осма Дам деган хиллари бор. Катта-кичиклиги ва ўрнатиладиган қасқонлари (гардишлари) сони (2—11 та) га кўра турли касбларда турли Дам ишлатилади: 2 қасқонлиси заргарликда, 3 қасқонлиси анжомсозликда, 5 қасқонлиси пичоқсозликда, 6 қасқонлиси дегрезликда ва б. Булар заргар дами, пичоқчи дами, мискар дами, темирчи дами деб ҳам аталади. Ўрта Осиёда Дам жуда қадимдан ишлатилиб келинган. У 11-а. ёзма ёдгорлиги «Девону луғотит турк»да кўрук, 15а. адабиётида, хусусан, Алишер Навоий асарларида ҳоз. Дам тарзида учрайди. Дам ҳозир ҳам қўлланилади;

2) пичоқ, кетмон, теша ва б. шу каби асбобларнинг тиғи.