ДАЛВАРЗИНТЕПА

ДАЛВАРЗИНТЕПА — сўнгги жез даврига мансуб қишлоқ харобаси (мил. ав. 10—8-а. лар). Чуст маданиятинит энг йирик ёдгорлиги. Андижон вилоятининг Ойим қишлоғи яқинидан топилган. Далварзинтепанинг 6000 м2га яқин қисми очилган (1966). 2,5 м дан 3,5 м гача маданий қатлам 3 қурилиш қаватига бўлинади. Ҳар бир қаватидан уй-жой қолдиклари, жез қуйиш устахоналари, ғалла ўралари, меҳнат қуроллари топилган. Бироқ уйлар кам очилган ваетарли ўрганилмаган. Маданий қатламда ташландиқ уй-жойлар ўрнида ён томони билан ғужанак ҳолда ётган бир қанча мурдалар, кўп миқдорда алоҳида суяклар топилди. Булар Далварзинтепада яшаган кишилар антропологик жиҳатдан европеоид ирққа мансуб бўлганлигини кўрсатади. Аҳолининг асосий машғулоти деҳқончилик ва чорвачилик бўлган. Донни қайта ишлаш учун ёрғучоқдан фойдаланилган. Топилган ҳайвон суяклари аҳоли уй ҳайвонларининг барча турини парвариш қилганлигини кўрсатади. Далварзинтепада жез қуйиш иши анча ривожланган. Жездан қилинган ўроқ, искана, бигиз, игна, найза, ўқнинг уч қисми ва зеб-зийнат буюмлари учрайди. Далварзинтепадан топилган темир пичоқ ва темир парчалар қад. Фарғона аҳолиси металл билан анча эрта таниш бўлганлигини кўрсатади. Топилмалар орасида тўқимачиликнинг анча тараққий этганлигидан дарак берувчи материаллар (жез игна, бигиз, урчуқ ва б.) бор.