ДАЛЬТОНИДЛАР ВА БЕРТОЛЛИДЛАР

ДАЛЬТОНИДЛАР ВА БЕРТОЛЛИДЛАР — ўзгармас таркибли кимёвий бирикмалар (дальтонидлар) билан ўзгарувчан таркибли кимёвий бирикмалар (бертоллидлар)ни ифодалаш учун 1912 — 14 й. ларда Н. С. Курнаков киритган терминлар. «Дальтонидлар» термини Ж. Дальтон хотираси учун, «бертоллидлар» термини эса К. Л. Бертолле хотираси учун таклиф этилган. Одатдаги кимёвий бирикмаларнинг кўпчилиги дальтонидлардир; уларнинг таркиби таркиб доимийлиги қонунига ва каррали нисбатлар қонунига жавоб беради. Металл тизимларда, шунингдек, оксидлар, сульфидлар, карбидлар, гидридлар ва б. ўртасида бертоллидлар ҳосил бўлиш ҳодисалари кашф этилган (қ. Металлидлар, Физиккимёвий анализ).