ДАЛОЛАТНОМА

ДАЛОЛАТНОМА — муайян шаклда тузилган расмий ёзма юридик ҳужжат. Д. лар норматив ҳужжатлар (улар умумий ҳуқуқ меъёрларини белгилайди), индивидуал ҳужжатлар (улар аниқ ҳолларга тааллуқли бўлади, мас, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжатлар, суд қарорлари) ва шарҳловчи (қонунларни расмий изоҳлашга оид) ҳужжатларга бўлинади. Қонунда кўзда тутилган тартибда тузилган, муайян ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқарадиган турли ҳужжатлар ҳам (мас, фуқаролик ҳолати ҳужжатлари) Д. деб аталади. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг тегишли моддасида қуйидаги фуқаролик ҳолати ҳужжатлари давлат томонидан қайд этилиши кераклиги кўрсатилган;

1) туғилиш;

2) ўлим; 3) никоҳ тузилганлиги;

4) никоҳдан ажралиш. Мазкур Далолатномалар фуқаролик хрлати Далолатнома ларини ёзиш идоралари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (Фуқаролар йиғини)да юритилади.

Қонунда назарда тутилган тартибда тузилган ҳамда муайян юридик оқибатларни юзага келтирувчи турли хил бошқа ҳужжатлар ҳам Далолатнома ҳисобланади. Улар муассаса ёки айрим шахслар фаолияти билан боғлиқ бирон-бир бўлиб ўтган (содир бўлган) воқеа, ҳодиса, иш-ҳаракатни ёки мавжуд ҳолатни тасдиқлаш, унга гувоҳлик бериш мақсадида бир неча киши томонидан тузилади. Бундай Далолатномалар деярли барча ҳолларда пул маблағлари ва моддий бойликларга боғлиқ бўлади, бинобарин улар кўпроқ тадбиркорлик, молия-хўжалик фаолиятида, ҳисобкитоб, олди-сотди ва савдо соҳаларида кенг қўлланади. Улар тегишли тафтиш ўтказилгандан кейин, раҳбарлик алмашинаётганда, моддий бойликларни бир хусусий ёки юридик шахсдан иккинчисига ўтказишда, қуриб туғалланган иншоотларни қабул қилишдан олдин ва кейин, машина ва ускуналарнинг янги нусхаларини синовдан ўтказиш чоғида, қимматдор буюмларни ҳисобдан ўтказиш ёки ҳисобдан чиқаришда, товарларни миқдор ва сифат бўйича қабул қилиб олишда, бахтсиз ҳодисалар ёки табиий офатлар оқибатларини текширишда, суд-тергов ишлари ва тиббиёт соҳасида, ходимларнинг моддий, яшаш шароитларини ўрганишда ва б. ҳолларда тузилади.