ДАЛМА ТИЗМАСИ

ДАЛМА ТИЗМАСИ — Ҳисор тизмаси тармоғи, Сурхондарё вилоятининг шим.-шарқидаги Узун тумани ҳудудида жойлашган. Уз. 10 км га яқин, камбар. Ўртача бал. 2500—2800 м, энг баланд нуқтаси 3360 м. Асосан кристалли жинслар, қумтош, гранит, сланецлардан таркиб топган. Тизма шим.-шаркдан жан.ғарбга чўзилган. Тоғ чўққилари қиррали, камбар ва қоятошлардан иборат, тоғ ён бағирлари тик (15—45°). Тоғ этаклари эса кўчиб тушган тош, харсанг уюмлари, тўкилмалар билан банд. Тоғ водийлари энсиз (0,2—0,3 км), баъзи жойларда дара шаклида. Иқлими континентал, вертикал зоналлик мавжуд. Қор кўчкилари бўлиб туради. Ёғиннинг энг кўп қисми баҳорда тушади. Ёз қисқа, иссиқ ва қуруқ, окт. дан бошлаб қор ёғиши мумкин. Ёғин миқдори 700—800 мм. Далма тизмасидан булоқлар, серсув сойлар бошланади. Тупроғи тоғ жигарранг тупроқ, баланд тоғ оч қўнғир ўтлоқи-дашт тупроқлар. 1500—3000 м баландликда буталар (наъматак, учқат, зирк ва б.), кенг баргли дарахтлар (заранг, олма, нок, олча, дўлана, ёнғоқ ва б.), арча ўсади. Ҳайвонот дунёси ҳам хилма-хил. Далма тизмаси Ўзбекистоннинг ғоят хушманзара, шифобахш табиат гўшаларидан биридир. Хўжаликда асосан яйлов сифатида фойдаланилади.