ДАЛЛАС

ДАЛЛАС — АҚШ жан. даги шаҳар, Техас штатида. Тринити дарёси бўйида. Аҳолиси 1188 минг киши (2000). АҚШ нинг пахтачилик ва чорвачилик р-нлари чегарасида жойлашган. Транспорт йўлларининг муҳим тугуни. АҚШ жан. даги йирик савдо-молия ва нефтьгаз саноати маркази. Далласда нефть саноати ва пахта тозалаш корхоналари учун ускуналар ишлаб чиқарилади. Нефтни қайта ишловчи, кимё (совун, синтетик кир ювиш воситалари и. ч.), озиқ-овқат, пахта тозалаш, ип газлама, тикувчилик корхоналари бор. Самолётсозлик, автомобилсозлик, радиоэлектроника, авиаракета саноати, двигателлар, қ. х. машиналари, совиткичлар и. ч. ривожланган. Даллас — йирик пахта бозори. Ун-т (1911), халқаро аэропорт, музей ва театрлар бор. Далласга 1841 й. да асос солинган. 1856 й. дан шаҳар. Д. да 1963 й. 22 ноябрда АҚШ президенти Жон Ф. Кеннедига суиқасд уюштирилган.