ДАЛИЛ

ДАЛИЛ — суд ишларида исботланиши лозим бўлган ҳолатларни тасдиқлайдиган ёки инкор этадиган турли фактик маълумотлар. Далил судда ҳақиқатни аниқлаб, одилона қарорга келиш учун ягона асосдир. Ўзбекистон Республикасида Далил фуқаролик, хўжалик, маъмурий ва жиноят ишларини юритишга оид қонунлар билан белгиланган тартибда тўпланиши, текширилиши ва баҳоланиши шарт. Далил фуқаролик ишларида тортишувчи тарафларнинг талаб ва эътирозларини асослашга, жиноят ишларида жиноий воқеа юз бергани, уни содир этган шахс кимлиги, жиноят мақсади, айблилик даражаси, етказилган зарарнинг миқдори тўла ва аниқ белгиланишига хизмат қилади. Далилларни фақат ваколатли давлат органлари ва мансабдор шахслар тўплайди. Тергов ва суд иштирокчилари Далил тақдим этиши, уларни ишга қўшиш ҳақида илтимос қилиши мумкин. Далил сифатида даъвогар ва жавобгарнинг судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари, турли ҳужжатлар, ашёвий далиллар ва эксперт хулосаларидан фойдаланилади.