ДАЛА ШПАТЛАРИ

ДАЛА ШПАТЛАРИ — Ер пўстида энг кўп тарқалган, каркасли силикатлар кичик синфига мансуб жинс ҳосил қилувчи минераллар гуруҳи. Ер пўсти оғирлигининг 50% ини ташкил этади. К, Na, Ca, Ва алюмосиликатларнинг изоморф қоришмалари. Тахм. 60% магматик, 30% метаморфик жинсларда, 10% қумтош ва конгломератларда учрайди. Рангсиз, таркибида учрайдиган гематит қўшимчаларга қараб оч кулранг, оқ, яшилроқ (альбит, анортит), оч пушти, қизил (ортоклаз), яшил (амазонит) бўлади. Қаттиқлиги 6—6,5. Зичлиги 2,6—2,8 г/см3. Д. ш. кимёвий таркибига кўра 3 гуруҳга: натрий-кальцийли — плагиоклазлар; ишқорли (калий-натрийли) — санидин, ортоклаз, микроклин, анортоклаз ва б. ; кам учрайдиган калийбарийли — гаалофанларга бўлинади. Дала шпатлари моноклин (гиалофан, ортоклаз) ва триклин (плагиоклаз, анортоклаз, микроклин) сингониясида кристалланиб, шакллари бир-биридан кам фарқ қилади. Кўпинча пластинка, призма (ортоклаз, микроклин, гиалофан) кўринишида бўлади. Дала шпатларида қўшалоқ кристаллар кўп учрайди. Калий-натрийли Дала шпатлари оддий қўшалоклар, натрий-кальцийли (плагиоклазлар)да мураккаб қўшалоқлар ҳосил қилади. Санидинда Si ва А1 тартибсиз, микроклинда тартибли жойлашган. Юқори т-рада кристалланадиган калийнатрийли Дала шпатлари тартибланган. Плагиоклазлар юқори (Si, А1 тартибсиз жойлашган) ва паст т-рада (Si, A1 тартибли) кристалланади ва шунингдек, оралиқ турлари бўлади. Дала шпатлари тог жинсларини таснифлашда асос бўлиб хизмат қилади. Тоғ жинсларининг муҳим турлари: интрузив — гранитлар, сиенитлар, диоритлар; эффузив — андезитлар, базальтлар; метаморфик — гнейслар, сланецлар асосан Дала шпатларидан ташкил топган. Чўкинди жинсларда Дала шпатлари минерал бўлаклари учрайди. Ойдаги тоғ жинсларида (ой базальтлари, габбро, анортозитлар) фақат плагиоклазлар аникланган. Дала шпатлари таркибининг кенг вариациялилига туфайли геологик-петрографик тадқиқотларда муҳим роль ўйнайди. Саноат аҳамиятига эга бўлган йирик кристаллари пегматитларда кварц, кўпинча слюдаларнинг йирик кристаллари билан бирга учрайди. Ўзбекистоннинг ғарби (Кетмончи, Лолабулоқ, Лангар) ва РФнинг шим.-ғарбида пегматитлар кўп. Амазонитнинг машҳур конлари РФдаги Ильмень тоғларида, товланувчи плагиоклазлар Уралда, қорамтир лабрадоритлар Украинада топилган. Дала шпатларининг нураши натижасида каолин конлари, тропик, субтропик иқлим шароитида латерит маҳсулотлари вужудга келади. Дала шпатларининг чиройли товланадиган ой тоши, авантюрин, Лабрадор, амазонит хиллари безак буюмлари тайёрлашда, айрим хиллари электр изоляторлар, фарфор ва цемент, ойна-шиша тайёрлашда ишлатилади.

ЛЛ. Ҳамрабоев И. Ҳ., РажабовФ. Ш., Петрография асослари, Т., 1984.