ДАЛА ҚАНДАЛАСИ

ДАЛА ҚАНДАЛАСИ (Lygus pratensis L.) — ҳаммахўр ҳашарот; Д. қ. нинг катталиги 3,5—4 мм, ранги яшил, қора нақшлари, қанотининг устки қисмида, кўкрагининг ост томонида доғлари бор. Танаси чўзиқ, тухумсимон. Личинкаси кичиклиги ва қанотсизлиги билан вояга етган қандаладан ажралиб туради. Тухуми 1 мм. Қанд лавлаги (ниҳоллари ва уруғи), дуккакли ўтлар, кўпчилик толали, мойли, доривор, сабзавот ва манзарали ҳамда ғалла экинларига катта зарар келтиради. Зарарланган шона, гул ва майда тугунчалар батамом тўкилиб кетади, зарарланган кўсакларда ботиқ қора доғлар пайдо бўлади, майда кўсакларнинг шакли қинғир-қийшиқ бўлиб, толаси етилмай вақтидан олдин очилади (ҳосил 60% гача камайиши мумкин). Дала қандаласи етук ҳашарот ҳолатида турли ўсимлик қолдиқлари остида қишлайди. Мавсумда 3—4 марта насл беради.

Кураш чоралари: эрта баҳорда далани бегона ўтлардан тозалаш, кузда эса зараркунанда шувоқда тўпланишини ҳисобга олиб, қандалага қарши тегишли препаратларни қўллаш, эҳтиёж туғилганда Дала қандаласига қарши децис, супер-зипак, цимбуш, циракс ёки фостак препаратларидан бирини белгиланган меъёрда қўллаш тавсия этилади.