ДАЛА ИШЛАРИ СИФАТИНИ БАҲОЛАШ

ДАЛА ИШЛАРИ СИФАТИНИ БАҲОЛАШ, технологик бракераж — тупроққа ишлов бериш, экинларни парвариш қилиш ва ҳосилни йиғиб олишдаги иш сифатининг технология талабларига мувофиклигини аниқлаш. Барча агротехнология тадбирлари циклини ўз вақтида ва сифатли қилиб ўтказиш қ. х. экинларидан юқори ҳосил олишнинг асосий шартидир. Тупроққа ишлов беришнинг қуйидаги усуллари назорат қилинади ва баҳоланади: ер ҳайдаш, экиш, культивация, анғизни юза юмшатиш ва бороналаш ишлари сифати. Ернинг ҳайдалиш чуқурлиги ва шудгорнинг текислиги, ҳайдалмай қолиб кетган жойлар бор-йўқлиги, ҳайдалган ернинг ўйдим-чуқурлиги ёки бир текислиги, тупроқнинг юмшаш, майдаланиш даражаси, экин қолдиқларини, бегона ўтларни, ўғитларни кўмиш ва тупроқ қатламини ағдариш; культивация ва юза юмшатишда тупроққа ишлов бериш чуқурлиги ва текислиги, бегона ўтларни тўла йўқ қилиш, бороналашда ер юзасини юмшатиш ва текислашнинг сифати текширилади. Диаметри 5 см дан зиёд кесаклар 20% дан ёки 1 м2 даги катта кесаклар сони 10 донадон ортмаса, ишлов сифати яхши деб ҳисобланади. Қатлам кўтарилиши 3—4 см дан ортмаслиги керак. Экиш сифати кўрсаткичлари унинг ўз вақтида ўтказилганлиги, хатоси йўқлиги, уруғларнинг қаторларга бир текис тушиши, қаторнинг тўғрилиги ва қатор ораларининг бир хиллиги ва б. экиш сеялкаси ишлаб турганда баҳоланади. Бу баҳо экин униб чиққандан кейин тасдиқланади. Майсалар қийғос униб чиққан бўлса, экиш сифати яхши, ниҳоллар сийрак (20% гача) бўлиб қолса, экиш сифати қониқарли, сийраклик кўп бўлиб (20% дан ортиқ) ва қатор оралари кенглиги ҳар хил бўлиб қолган бўлса экиш сифати қониқарсиз деб ҳисобланади. Бундай экинлар бракка чиқарилади ва қайта экилади. Катор ораларига ишлов бериш сифатига иш органларининг ўтиш зонасидаги бегона ўтларни тўла йўқ қилиши, ўсимликнинг шикастланиш даражаси, тупроқ юзасидаги кесакларнинг майда-йириклигигача қараб баҳо берилади. Тупроққа тўғри ишлов берилганлигини кўрсатадиган мезонлар — 0,1 мм дан 10 ммгача бўлган кесакларнинг 40% гача бўлиши, 50 мм ва ундан катта кесакларнинг бўлмаслигидадир. Бунга эришиш учун қатор ораларига суғоришдан кейин ишлов берилади. Вегетация даврида суғориш сифати эгатнинг бошидан то охирига қадар тупроқ қатламининг бир текис намланганлигига қараб баҳоланади. Ҳосилни йиғиб-териб олиш деҳқончиликдаги ишларнинг якунловчи палласидир. Йиғим-терим ишлари энг қулай қисқа муддатларда, нобудгарчиликка йўл кўймай ўтказилиши керак. Mac, пахтачиликда терим гўза тупларидаги кусакларнинг 55—60% очилган вақтда бошланса, машина очилган пахтанинг камида 80%ни териб олса, машина ерга тўкиб-тушириб юборадиган кўсаклар ҳар қаторда 2—3 м масофада купи билан биттадан бўлса, пахта терими сифатли ҳисобланади. Ерга тўкилган пахта миқдори ҳосилнинг 2% дан ортмаслиги керак. Ҳар тупда очилган пахтани териб олиш 75% дан кам бўлганда териш қониқарсиз ҳисобланади.

Дала ишлари сифатини бош пудратчилар, агрономлар, ўзаро текшириш бригадалари текширадилар.