ДАЛА АПРОБАЦИЯСИ

ДАЛА АПРОБАЦИЯСИ, дала экинлари апробацияси — навдор экинлар, мевали дарахтлар ва резаворлар ҳосилининг уруғлик сифатида фойдаланишга яроқлилигини аниқлаш, навдорлик сифатини белгилаш, уруғчилик қоидаларининг бажарилишини текшириш. Апробация ўтказиш Ўзбекистонда давлат тадбирига киради. Дала экинлари апробацияси далада (Д. а.) ва дон омборхоналарида (маккажўхори сўталари омбор апробацияси) кузатиш ёки танлаб кузатиш ва апробация материалини таҳлил қилиш билан ўтказилади. Ҳар бир экин тури учун ўзига хос Дала апробацияси усули ишлаб чиқилган. Бунда экиннинг етилиши, муддати, навдорлиги, серҳосиллиги ва зараркунанда ҳамда касалликларга чидамлилиги эътиборга олинади. Дала апробацияси учун апробациячи агроном бошчилигида махсус гуруҳ ёки алоҳида комиссия тузилади. Энг аввал ҳар қайси далада қандай нав (уруғлик) экилгани тегишли ҳужжатларга қараб аниқланади. Навнинг тозалигини аниқлаш учун майдон диагонали бўйлаб ҳар ердан ўсимлик намуналари олинади. Намунадаги асосий навга оид ўсимликлар саналиб, улар жами ўсимликларга нисбатан неча фоизни ташкил этиши, касаллик ва зараркунандалардан, бегона ўтлар, карантин ўтлардан тозалиги аникланади. Мас, пахтачиликда Дала апробацияси ғўзанинг 1-, 2 – ва 3 – репродукциялари экилган майдонларда ўтказилади. Агар бу репродукциялар экилган майдонлардан режадаги уруғлик пахтани тайёрлаш имконияти бўлмаса, тўртинчи ва сўнгги репродукцияли майдонларда ҳам Дала апробацияси ўтказилади. Янги навлар ва уруғи камчил навдор ғўзалар ҳам апробация қилинади. Дала апробациясига қадар пахта далалари зараркунанда ва касалликлардан тозалигига қараб 4 гуруҳга бўлинади: мутлақо тоза далалар; гоммоз билан 5% гача, вилт билан 10% касалланган далалар; гоммоз ва вилт билан 20% касалланган далалар; 20% дан кўпроқ касалланган далалар. Уруғлик пахта ҳар қайси гуруҳ далаларидан алоҳида терилиб, пахта қуритиш-тозалаш заводларига ҳам алоҳида топширилади.

Дала апробацияси натижаларига асосан далолатнома тузилади. Апробация далолатномаси тайёрланадиган уруғнинг миқдори ва сифатини кўрсатадиган расмий ҳужжат ҳисобланади.

Абдураҳим Эрматов.