ДАКТИЛОСКОПИЯ

ДАКТИЛОСКОПИЯ (юн. daktylos – бармоқ, skopeo — қарайман) — қўл бармоқлари учидаги тери изларига қараб, шахсни аниқлаш усули. Бу излар ариқча ва дўнгалак шаклидаги нозик чизиқлардан иборат бўлиб, ёйсимон, сиртмоқли ва гажакдор нақшлар ҳосил қилади. Улар ҳар бир шахсда ўзига хос, бошқаларда қайтарилмайдиган, умрбод ўзгармайдиган, зарарланса қайта тикланадиган хусусиятларга эга. Дактилоскопиядан бир ярим асрдан буён деярли барча мамлакатларда жиноятчиларни рўйхатга олиш ва қидириб топиш воситаси сифатида фойдаланилади.