ДАКРИОЦИСТИТ

ДАКРИОЦИСТИТ (юн. dakryon — ёш ва kystis — халтача) — кўз ёши халтачасининг яллиғланиши. Ёш халтачасини бурун бўшлиғига туташтириб турадиган йўлнинг бекилиб қолиши сабаб бўлади. Бунда кўз ёши бурунга равон ўтмайди, кейинчалик бутунлай ўтмай қолади. Бу йўлнинг бекилишига кўпроқ бурун бўшлиғи ва унинг атрофида жойлашган бўшлиқлар шиллиқ пардаларининг яллиғланиши сабаб бўлади. Ўткир, сурункали ва чақалоқлар Дакриоцистити фарқ қилинади. Бемор кўзининг ёшланиши ва йиринг чиқишидан шикоят қилади. Пастки қовоқнинг бурун томони шишади, қизаради. Кўп ёш оқади, йиринг чиқади. Халтачада тўпланиб қолган ёшга бирор инфекция тушса, халтачанинг шиллиқ пардаси яллиғланиши мумкин (сурункали Дакриоцистит). Яллиғланиш халтача деворидаги тўқималарга ўтиб кетса, ўткир ёки флегмоноз Дакриоцистит пайдо бўлади. Ўткир Дакриоциститда беморнинг боши оғриб, т-раси кўтарилади, умумий аҳволи оғирлашади. Ёш халтачасининг устидаги тери шишиб, қизаради, бурун ва ияк томонга тарқалиши мумкин.

Чақалоқлар Дакриоцистити ёш-бурун каналининг бурунга очиладиган жойида бўладиган парданинг бола туғилгунча сўрилмай қолиши (тўсиқ борлиги) натижасида вужудга келади; клиник белгилари сурункали Дакриоциститга ўхшаб кетади.

Беморни врач даволайди. Ўз вақтида уни келтириб чикарувчи сабаб бартараф этилиши лозим. Баъзан жаррохлик усули қўлланилади — дакриоцисториностомия қилинади, яъни ёш халтачаси билан бурун бўшлиғи туташтирилади. Ўткир Дакриоциститда антибиотик ва сульфаниламид препаратлари яхши наф беради. Агар ёш халтачасининг флегмонасида флюктуация пайдо бўлса, уни очиб йиринги чиқарилади. Ўткир яллиғланиш белгилари йўқолгандан сўнг операция қилинади. Чақалоклар Дакриоцистити ёш халтачасини массаж қилиш, ёш оқиш йўлларини зондлаш, катетерлаш ва ювиш билан тузатилади; булар наф бермаса, ички (эндоназал) ёки дакриоцисториностомия операцияси қилинади.