ДАККА

ДАККА, Дҳака (ҳосилдорлик маъбудаси номидан) — Бангладеш пойтахти. Ганг-Браҳмапутра дарёси дельтасидаги порт. Мамлакатнинг ва Дакка вилоятининг маъмурий сиёсий, иқтисодий, маданий ва диний маркази. Аҳолиси 3,8 млн. киши (шаҳар атрофи билан 7,4 млн., 1998).

Д. Бенгалиянинг энг кўҳна шаҳарларидан, 1608—1717 й. ларда унинг пойтахти. 17—18-а. бошларида хунармандчилик ва савдонинг дунёдаги энг йирик марказларидан бўлган. Даккада ишланган муслин (юпқа газлама), кашта, олтин ва кумушдан ясалган буюмлар кўп мамлакатларда, жумладан Европада ҳам машҳур бўлган. Англия истилосидан кейин (18-а.) Ҳиндистонга Англиядан кўплаб газламалар келтирила бошлагач, маҳаллий ҳунармандчилик ва савдо инқирозга учради. 20-а. бошида Дакка миллий озодлик ҳаракатининг марказларидан бири бўлди. 1906 й. да Даккада мусулмонлар лигаси тузилди. Покистон давлати ташкил топгандан сўнг Дакка 1947—1971 й. ларда Шарқий Покистон (Шарқий Бенгалия)нинг маъмурий маркази, 1971 й. дек. дан, Шарқий Бенгалия озодликка эришгандан сўнг вужудга келган Бангладеш Халқ Республикасининг пойтахти.

Дакка — муҳим транспорт йўллари тугуни. Халқаро аэропорт бор. Д. ва унинг атрофи, Нараянганж ш. билан бирга, мамлакат шарқий қисмининг асосий саноат р-нидир. Мамлакатдаги ип газлама, жун, озиқ-овқат, кимё, металлсозлик, ойна, кўн саноатларининг асосий қисми Даккада жойлашган. Дакканинг кўҳна қисмида Лал Багҳ қалъаси, Сат Гумбаз масжиди, Катта бозор (17-а.), «Юлдузлар масжиди» (18а.); Янги шаҳар қисмида ун-т, Янги масжид, Санъат ин-ти, Миллий кутубхона, хукумат идоралари ва б. бор.