ДАЖЛА

ДАЖЛА — Туркия ва Ирокдаги дарё, қисман Сурия ҳудудидан ўтади. Уз. 1850 км, ҳавзасининг майд. 375 минг км2. Туркиянинг жан. шарқидаги тоғлардан бошланади. Ал-Қурн ш. яқинида Фурот дарёси билан қўшилгач, Шатт ул-Араб деб аталади ва Форс қўлтиғига қуйилади. Энг йирик ирмоқлари: Катта Заб, Кичик Заб ва Диала. Юқори оқими, асосан тоғлар орасидан, ўрта ва қуйи оқими Месопотамия текислигидан ўтади. Қишда Месопотамияга ёққан ёмғирдан, баҳорда тоғлардаги қор ва музларнинг эришидан тошади. Ўртача сув сарфи Бағдод ш. яқинида 1240 м3/сек, максимал сув сарфи 10000 м3/сек, минимал сув сарфи 150 м3/сек. Ёғин кам ёғиши, буғланиш ва суғоришга сарфланиши натижасида қуйи оқимида суви анча камайиб кетади. Дарё кўплаб лойқа, қум, шағал оқизиб келади. Қуйилиш жойидан Бағдод ш. гача (сув кўпайганда Мосул ш. гача) кема қатнайди. Дажланинг Бағдод ш. дан жан. даги водийсида жойлашган бир неча йирик кўл унинг сувини бир меъёрда оқишини таъминлайди. Дажла соҳилларида Диёрбакир (Туркия), Мосул, Бағдод (Ироқ) ш. лари жойлашган. Сув омбори бор. Д. ва Фурот дарёлари оралиғи қад. цивилизация марказларидан бўлган (у ерда мил. ав. Бобил, Оссурия, Шумер ва Аккад каби йирик давлатлар жойлашган эди).