ДАДАМУҲАМЕДОВ Фасиҳиддин Ғуломович

ДАДАМУҲАМЕДОВ Фасиҳиддин Ғуломович (1953.26.5, Тошкент) — заргар, Ўзбекистон Республикаси халқ, устаси (1998). Тошкент санъат ин-тини тугатган (1975). Уста заргар Н. Холмашовдаи хунар ўрганган. 1985 й. дан «Усто» бирлашмасида заргар-уста, 2000 й. дан хусусий устахонасида меҳнат қилади. Дадамуҳамедов ижодида миллий заргарлик услубини тиклади, анъаналарини уйғунлаштирди ва ривожлантирди, шабака, зиғирак, қолипаки, босма усулларида буюмлар яратди: зирак, узук, билагузукдан иборат «Бозбанд», «Панжара тумор», «Уч кўза» ва б. тўпламлар, тиллақош, зебигардон, узук, зирак ва б. тақинчоқлар; буюмлар безагида ўсимликсимон нақшларни кенг қўллайди. Дадамуҳамедов яратган буюмлардан намуналар республика ва чет мамлакатлар (АҚШ, Англия, Франция, Исроил, Россия, Польша ва б.) музейлари, хусусий тўпламларда сақланади.