ДЕБОЧА

ДЕБОЧА (форс. — муқаддима, сўз боши) — 1) китоб жилдларининг зарҳал билан безатилган дастлабки алоҳида саҳифалари;

2) муқадцима, кириш сўз, бош сўз. Асосан куллиёт, девон, достон ва насрий асарларда, шунингдек, тазкира ва баёзларда учрайди. Дебоча асар муаллифи ёки котиб томонидан ёзилади ва унда китобнинг мазмуни, муаллифнинг қисқача таржимаи ҳоли, мақсади баён қилинади. Амир Хусрав Дехлавий ўз «Куллиёт»ига ва Алишер Навоий «Хазойин ул-маоний» асарининг биринчи девонига мукаммал асар даражасида Дебоча ёзганлар. Ҳоз. баъзи ўзбек адибларининг асарлари ҳам Дебоча билан бошланган;

3) шоҳларнинг дебо (зарҳал) матодан тикилган устки кийими;

4) мусиқада — кичик ҳажмдаги асар. Ўқув ва чолғу йўллари бор. Айниқса Фарғона сурнай Д. лари машҳур. Дебочанинг ўқув йўлларини Ҳожи Абдулазиз қайта ишлаган.