ДАРВЕШАЛИ

ДАРВЕШАЛИ (15-а. ўртаси — 16-а. боши) — Балх ҳокими (1482—90). Алишер Навоийнинг укаси. Навоий вазирлик вақтида (1472) унинг китобдори бўлган. 1482 й. амирлик унвони берилади ва у Султон Хусайн Бойқаронинг вояга етмаган ўғли Иброҳим Ҳусайн номидан Балхни идора қила бошлаган. Д. Мажидиддин ва унинг тарафдорлари томонидан Алишерга қарши қилинаётган бўҳтон ва адолатсизликлардан норози бўлиб, 1490 й. Ҳисор ҳокими Султон Маҳмуд қутқуси б-н Султон Ҳусайн Бойқарога қарши бош кўтарган. Султон Ҳусайн Бойқаро Навоийга «агар Дарвешали ярашса, уни ўзимга энг яқин киши қиламан, ҳеч қандай жазога мустаҳиқ қилмайман», деган бўлсада, Дарвешали тавба қилиб келганда, уни султон фармонини қалбакилаштиришда айблаб, зиндонга солдирган. 1494 й. Д. Маккага ҳажга боришга рухсат олади. Қайтиб келгач, 1498 й. Султон Ҳусайн Бойқаро, ўғли Марв ҳукмдори Абул Муҳсин Мирзо ҳузурига Дарвешалини элчи қилиб жўнатади. Навоий вафотидан (1501) сўнг Дарвешали Бобур хизматига ўтади. 1511 й. да Бобур Самарқандни олганда Дарвешали у билан бирга бўлган. Унинг шундан кейинги тақдири номаълум.