ДАНЖУА (Denjoy) Арно (1884.5.1, Ош, Жер департамента — 1974.27.1) — француз математиги, Париж ФА аъзоси (1942), Париж ун-ти проф. (1922). Собиқ Иттифоқ ФА хорижий аъзоси (1971). Асосий ишлари ҳақиқий ўзгарувчининг функциялари назариясига оид. Примитив функция (қ. Бошланғич функция) ҳақидаги классик масаланинг тўла ечимини берган. Ўзи топган янги тушунча — интеграл Д. интеграли деб аталади. Комплекс ўзгарувчининг функциялари назарияларига, квазианалитик функцияларга, топологияга оид асарлар муаллифи.