УЛУҒ ТУРКИСТОН

«УЛУҒ ТУРКИСТОН» — Тошкент ш. да ташкил топган зиёлиларнинг «Иттифоқ» жамиятининг нашр органи. 1917 й. 25 апр. дан Тошкент ш. да чика бошлаган. Газ. га Содиқ Абдусатторов, Кабир Бакиров, П. Домогатский муҳаррирлик қилган. «Улуғ Туркистон» дастлаб (41 сонига қадар) «Туркестанские ведомости» матбаасида, кейинчалик «Умид» матбаасида чоп этилган (жами 155 сони чиққан). 137 сонидан бошлаб газ. нинг охирги саҳифаси кирилл имлоси (русча) да берилган. Шунингдек, газ. нинг яна алоҳида 9 та илова сонлари ҳам нашр қилинган. «Улуғ Туркистон» «Яшасин миллатлар мухторияти» шиори остида иш юритган. Газ. да турли тоифадаги ва турли сиёсий қарашларга тааллукли зиёлилар, уламолар ҳам иштирок этган. Лазиз Азиззода, Мухтор Бакиров, Мустафо Чўқаев, Файзулла Хўжаев, Шерали Лапин, Шокиржон Раҳимий, Ғози Юнус, Абдурауф Фитрат, Нушервон Ёушев, Юсуф Халилий каби зиёлиларнинг мақолалари босилган. «Улуғ Туркистон» 1917—18 й. ларда Туркистондаги сиёсий, иқтисодий ва маданий жараёнларни ёритиб борган. Саҳифаларидан янги тузила бошлаган миллий сиёсий жамиятлар, уларнинг ўзаро алоқа ва фаолиятлари, жамиятлар томонидан нашр қилинаётган газ. ва жур. лар, Туркистон мусулмонларининг қурултойлари, Туркистон мухторияти, большевикларнинг ўлкада олиб борган сиёсати ва б. материаллар ўрин олган. «Улуғ Туркистон» 1918 й. Туркистон АССР ички ишлар комиссарлиги ихтиёрига ўтгач, 1918 й. нояб. да комиссар Ориф Клеблеевнинг буйруғи билан тўхтатилган.